Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
Ўзбекистон: фуқаролик жамияти институтлари – жамият ва давлат ўртасидаги кўприкдир - O'zbekiston Respublikasining Buyuk Britaniya va Shimoliy Irlandiya Birlashgan Qirolligidagi elchixonasi

Ўзбекистон: фуқаролик жамияти институтлари – жамият ва давлат ўртасидаги кўприкдир



Бугунги кунда мамлакатимизни тараққий эттириш ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Фуқаролик жамиятининг энг муҳим институти нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини демократик мезонлар асосида йўлга қўймасдан янги Ўзбекистонни барпо этиб бўлмайди.

Шундан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида” Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” фармони ва Ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди.

2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш ва ажратиладиган маблағ миқдорини 70 миллиард сўмга етказиш вазифаси белгиланган.

Ҳаракатлар стратегияси, 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон-2030” стратегияси каби концептуал аҳамиятга эга бўлган хужжатларда фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга оид қатор мақсад, вазифа ва кўрсаткичлар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурларида фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш билан боғлиқ бандлар белгиланаётганлигини қайд этиш зарур.

2023 йили референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида илк бор “Фуқаролик жамияти институтлари” номли боб ва ушбу тушунча конституцияга киритилди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқ ва маърузаларида фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига алоҳида аҳамият қаратади. Хусусан, Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида алоҳида бир параграф “Эркин ва очиқ фуқаролик жамияти”, деб номланган. Унда фуқаролик жамиятини ривожлантириш устувор йўналишлари бўйича мулоҳазалар ҳамда соҳага оид миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг чуқур таҳлили ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида қатор вазифаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилган.

Рақамларга эътибор қаратсак, 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикада атига 95 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатган бўлса, 2000 йилнинг 1 январига келиб уларнинг сони 2585 тани, 2016 йил 1 январь ҳолатига 8417 тани, 2024 йил 1 январь ҳолатида эса 9000 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Улар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда.

 Нодавлат нотижорат ташкилотларини молиявий барқарорлигини таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш борасида ҳам динамик ўсиш бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, 2017-2023 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 2074 лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 513,8 млрд. сўм маблағлар ажратилди. 2017 йилда 12,3 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2023 йилда бу рақам 226,4 млрд. сўмни ташкил этди. 2024 йилда эса 1.8 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайтирилиб, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳузурида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари ташкил этилди. Ҳудудларда фуқаролик жамияти институтларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди ва ушбу манбалардан ижтимоий лойиҳалар молиялаштириб келинмоқда.

Қайд этиш зарурки, нодавлат нотижорат ташкилотлари самарали фаолият олиб бориши учун аввало қулай шарт-шароит муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Республикамизнинг 14 та ҳудудларида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил қилиниб, унга 500 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари жойлаштирилиб, зарурий офис анжомлари, мебель, буюмлар, техника ва бошқа воситалар билан таъминланди. Натижада нодавлат нотижорат ташкилотларининг бино билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиб, уларнинг ижтимоий фойдали фаолияти қайта тикланишига эришилди. Жумладан, ушбу уйларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотлари текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини замонавий билим ва кўникмаларини илғор хорижий тажрибалар асосида мунтазам ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 72 соатлик махсус ўқув режа асосида малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. Бугунги кунга қадар жами 367 нафар раҳбар кадрлар малака ошириш курсларини тамомлаган. 2024 йилда 134 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини мазкур малака ошириш курсларида ўқитиш режалаштирилган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат дастурлари, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасида ўзларининг таклиф, ташаббусларини билдириб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, давлат дастурлари ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тадбирларини ҳам ўтказиб келмоқда.

Юқорида қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 83-мақсадида эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш белгиланган. Унда хусусан, ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш ҳамда давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш вазифалари қайд этилган.

Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгартиришлар, стратегик мақсадларга эришиш жараёнида давлат идоралари ва ташкилотларига чинакам кўмакдош бўлиб, жамият ва давлат ўртасида боғловчи ижтимоий кўприк вазифасини бажармоқда.

Анваржон Миркомилов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи